ВИДЕО: Яна бир ўзбек аёл ўзи ва болаларининг аччиқ ҳаётини камерага айтиб беришни қарор қилдиSizdan Telegram – "Эримнинг зулмидан шикоят қилсам, маҳалла посбо

  • 6 years ago
ВИДЕО: Яна бир ўзбек аёл ўзи ва болаларининг аччиқ ҳаётини камерага айтиб беришни қарор қилди

Sizdan Telegram – "Эримнинг зулмидан шикоят қилсам, маҳалла посбони чора кўриш ўрнига "оила обрўсини тўкма" дея мени ҳақорат қилди"

Қуйичирчиқ. "Мен – Мастура Каримова, Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани "Пахтазор" маҳалласи Сулаймон кўчаси 21б-уйда яшайман. Сизларга эримнинг зулмидан дод дея мактуб ёзмоқдаман. Турмуш ўртоғим билан шаръий никоҳдан ўтганмиз. Икки фарзандимиз бор. Эрим худонинг берган куни ичиб келиб, мени калтаклайди, кўчага ҳайдайди. Уйимизда тинчлик йўқ. Болаларим ҳам юрак ҳовучлаб, қўрқиб-ҳадиксираб катта бўлмоқда. Аҳвол шу даражага етганки, гоҳида “Она, нега дадамга турмушга чиққансиз?” деб сўрашади.
Болаларим есин деб битта нон олиб келмайди. Аксинча, уйда бор нарсани сотиб ичади. Боёқиш болаларим бошқа тенгдошлари каби паркларга бормаган, ўйнаб кулмаган. Бечоралар бошқалар кийган эски-туски кийимларни кийиб катта бўлмоқда. Эрим болаларига шу қадар бемеҳрки, ичиб олган пайтлари ўғлимни “Бор, мусордан сигарет топиб кел” деб кўчага ҳайдайди. Ўғлим ҳам отасидан қўрққанидан ахлат титиб, сигарет қолдиқларини қидириб юради.
Уйимизда телевизор йўқ, газ йўқ. “Ишқилиб бугун ичиб келмасин-да", дея каталекдек битта хонада қамалиб ўтирамиз.
Асли, юрагим касал, дори ичиб жон сақлаб юрибман. Беморлигимга қарамай, эрим калтаклагани калтаклаган. Яқинда ҳам ичиб келиб урди. Ҳушимдан кетиб қолибман. Шифохонада ўзимга келдим. Участка нозири келди. Унга эримнинг зулм-зўравонлиги, ичиб келиб менга ва фарзандларига пичоқ ўқталишларини айтиб бердим. Даволатинглар, инсофга чақиринглар, дедим.
Эримни устидан шикоят ёзган эдим. Яқинда маҳалла посбонлари келиб, “Нега уйдаги гапни кўчага олиб чиқасиз, эрингизни обрўсини тўкасиз”, деб мени ҳақорат қилиб кетишди. Шикоятни қайтариб олишни талаб қилишди.
Аввал ишлаб болаларимни боқардим. Ҳозир бетоб бўлиб, ишлашга кучим етмай қолган. Сизлардан ёрдам сўраб қоламан”.

Recommended