GM Uzbekistan автомобилларини машина бозорида сотувга қўйди (ВИДЕО)GM Uzbekistan ширкати “Очиқ осмон остидаги савдо майдончалари”ни ташкил қилишни бошлади. Бу

  • 6 years ago
GM Uzbekistan автомобилларини машина бозорида сотувга қўйди (ВИДЕО)

GM Uzbekistan ширкати “Очиқ осмон остидаги савдо майдончалари”ни ташкил қилишни бошлади. Бундай майдончалардан биринчиси Тошкентдаги Сергели машина бозорида 2 сентябрь куни иш бошлади.

Ширкат расмий сайтида айтилишича, бу бозорда "Спарк", "Кобальт" ва "Ласетти" русумидаги 1 минг 475 та машина сотувга қўйилган. Бу автомобиллардан бирини сотиб олган харидорга эса велосипед совға қилинади.

2 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда қолдирилган фото ва видео материалларда бозорда териб қўйилган автомобиллар ҳамда уларга тиркалган велосипедларни кўриш мумкин.

Фойдаланувчиларнинг ёзишича, GM Uzbekistan ширкати ходимлари харидорларни хуш қарши олмоқда ва пули тўланган тақдирда, машинани 45 дақиқа ичида сотиб олиш мумкин бўлмоқда.

Шунингдек, фойдаланувчилар қолдирган шарҳларда айтилишича, савдога қўйилган автомобилларнинг аксарияти 2013-2017 йилларда ишлаб чиқарилган.

Шу пайтгача, GM Uzbekistan машиналарини махсус салонларда сотиб олиш мумкин ва савдо шартномаси имзолангач, автомобилни олиш учун камида 60 иш куни кутиш керак эди.

Айни пайтда Facebook фойдаланувчиларининг кўпчилиги бундай бозорларни аллақачон ташкил этиш кераклиги, шунингдек, бугун очиқ савдога чиқарилган бу автомобиллар аслида Россия бозори учун мўлжалланган, аммо сотилмагач, орга қайтарилган, мазмунида шарҳ қолдирдилар.

GM Uzbekistan ширкати эса "45 дақиқа ичида автомобил" дастури доирасида ташкил қилинаётган савдо майдончаларини мамлакатдаги аксар машина бозорларида йўлга қўйиш режалаётгани, бундан асосий мақсад, харидорлар учун қулайлик яратиш бўлганини таъкидламоқда.

Recommended